Буюк Британия ҳукумати қиролича Елизавета I нинг 1588 йилда Испания Армадасининг мағлубиятидан сўнг чизилган машҳур портретини Фрэнсис Дрейкнинг авлодларидан сотиб олди. Бу ҳақда, The Guardian’га асосланиб, «Ведомости» хабар бермоқда.
Британия тарихидаги энг машҳур суратлардан бири бўлган «Армада билан портрет» учун 10,3 миллион фунт жамғармалар ва алоҳида фуқароларнинг хайриялари ҳисобидан тўпланди. Картинани «Гринвич қироллик музейлари» сотиб олди. Илгарироқ муассаса дурдона мамлакат ташқарисига чиқиб кетмаслиги учун пул тўпланишини эълон қилган эди.
Шартнома 29 июль куни эълон қилинди. Мерос лотерея жамғармаси тақдим этган 7,4 миллион фунт стерлинг ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлди. «Гринвич қироллик музейлари»нинг ўзи 400 минг фунт стерлинг ажратди, шунингдек, бадиий жамғарма 1 миллион фунт берди. Ўн ҳафта ичида тахминан 8 минг киши турли миқдорда хайрия киритди, ҳатто мактаблар ҳам маблағ тўплади.
Британияликларнинг кўплаб авлодлари портретни тарих дарсликларида кўргани боис у алоҳида шуҳратга эгадир. Етти ёшли қиз ўз мактаби олдида Тюдорлар даври либосида туриб, 400 пишириқ сотиб, тўпланган пулни портрет хариди учун тақдим этди.
Портретнинг охирги эгаси машҳур денгизчи ва вице-адмиралнинг авлодлари бўлмиш Тируитт-Дрейк оиласи эди. Портрет буюртмачи сэр Фрэнсис Дрейкнинг ўзи бўлгани ҳам тахмин қилинади. Музейлар зарур суммани тўплай олмаганида, расм ким ошди савдосига қўйилиши ва мамлакатдан олиб чиқиб кетилиши мумкин эди. Портретнинг бозор нархи 16 миллион фунт стерлингдан ошиши мумкин.
Октябрь ойида портрет Гринвич музейлари мажмуига кирувчи Квинс-хаус экспозициясидан ўрин олади.
Изоҳ (0)