JV Man Auto Uzbekistan қўшма корхонасининг Самарқанддаги сервис ва дилерлик марказида оғир юк кўтарувчи MAN транспорт воситалари учун кабиналар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва янги технологияларни жорий этишга бағишланган брифинг ўтказилди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Тадбир «Ўзавтосаноат» акциядорлик компанияси томонидан ташкил этилди.
«Давлатимиз раҳбари қарорида белгилаб берилган имтиёз ва кенг имкониятлардан фойдаланиб, Man Truck&Bus AG саъй-ҳаракатлари билан корхонамизда тайёрланаётган MAN оғир юк кўтарувчи транспорт воситалари учун йилига 3 минг дона кабина ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш бўйича лойиҳани амалга оширдик, — деди JV Man Auto Uzbekistan янги лойиҳалар ва маҳаллийлаштириш департаменти директори Ойбек Аюбов брифингда. — Бунинг учун заводимизга Германия, Италия ва бошқа давлатлардан янги, замонавий технологиялар келтириб ўрнатилди. Ходимларимиз хорижда билим ва малака ошириб қайтди».
Кабина ишлаб чиқариш жараёни пайвандлаш, бўяш ва йиғиш циклида амалга оширилади. Кабинанинг металл панеллари Хитойдаги Sinotruk Import&Export Co Ltd компанияси томонидан етказиб берилади ва корхонада пайвандланади. Сўнгра Самарқанд автомобиль заводи бўяш цехи базасида емирилишга қарши қатлам сурилиб, бўялади. Бўялган кабиналар JV Man Auto Uzbekistan қўшма корхонасига келтирилиб, ички ва ташқи жиҳозларини ўрнатиш каби сўнгги йиғув ишлари бажарилади.
Мазкур лойиҳани амалга ошириш билан корхонада 50 дан ортиқ янги иш ўрни яратилди. Бу иш жойларида асосан автомобилсозлик йўналишидаги касб-ҳунар коллежларини битирган ёшлар меҳнат қилмоқда.
Кабиналарни серияли ишлаб чиқаришга жорий йилнинг сентябрь ойидан киришилади.
Изоҳ (0)