Тошкентдаги Паркент бозорига яқин чорраҳада ҳайдовчилардан бири қари онахонни йўлдан ўтказиб қўйиш учун автомобиллар ҳаракатини тўхтатиб турди. Бу ҳақда Facebook’даги «Водители Ташкента» гуруҳида хабар қолдирилган.
Хабар муаллифи автомобиллар ҳаракатини маълум вақт тўхтатиб қўйган бўлса-да, оқ рангли Lacetti ҳайдовчисига миннатдорчилик билдирган.
«Машиналарнинг катта оқими сабаб, қари онахон чорраҳадан ўта олмаётган эди. Шу вақт, светофорнинг яшил чироғини кутиб турган машиналарнинг биридан ҳайдовчи тушиб, йўлни тўсиб қўяётган учун узр сўраган ҳолда, онахонни йўлдан ўтказиб қўйди», — деб ёзади хабар муаллифи.
«Унинг бу ҳаракатидан шахсан менинг кўнглим жуда кўтарилди. Баракалла! Кексалар ҳар вақт иззат-ҳурматда бўлиши керак», — деб қўшимча қилган «Водители Ташкента»да хабар қолдирган фойдаланувчи.
«Водители Ташкента»нинг мазкур хабарга муносабат билдирган фойдаланувчилари аксарияти Lacetti ҳайдовчисининг мазкур ҳаракатини олқишлаган. «Мана шундай яхши одамлар кўпаяверсин!», — дейди фойдаланувчилардан бири.
Айни вақтда, бир гуруҳ фойдаланувчилар бундай ҳолатлар аслида одатий бўлиши кераклиги, бундай ҳаракатлар учун кишиларни қаҳрамонга чиқариб қўйиш мақсадга мувофиқ эмаслигини қайд этиб ўтган.
Диққат, диққат! «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — «Тошқин ‘Дарё’»га обуна бўлиб, янгиликлардан овозли кўринишда баҳраманд бўлишингиз мумкин.
Изоҳ (0)