Тошкентда «Ишбилармон аёл–2016» кўрик-танловининг мамлакат босқичи ғолибларини тақдирлаш маросими бўлди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон либерал-демократик партияси томонидан қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда мамлакат мустақиллигининг 25 йиллигига бағишлаб «Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним!» шиори остида ташкил этилган мазкур танлов тадбиркор хотин-қизлар сафини кенгайтириш, уларни қўллаб-қувватлашга қаратилган.
Илк маротаба ташкил этилган мазкур танловнинг туман, шаҳар ва вилоят босқичларида 10 мингга яқин тадбиркор, ишбилармон ва фермер аёллар ўз лойиҳалари билан иштирок этди. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида фаолият юритаётган тадбиркор хотин-қизларнинг лойиҳалари «Замонавий тадбиркор аёл портрети», «Йилнинг мурувватли ишбилармон аёли», «Қишлоқ инфратузилмасини ривожлантираётган фермер аёл», «Ташаббускор аёл» каби йўналишларда сараланиб, уларнинг 56 нафари якуний босқичда иштирок этди.
Тадбирда хотин-қизлар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар кўргазмаси ҳам ташкил этилди.
Ғолиб ва совриндорларга диплом ва қимматбаҳо совғалар топширилди.
Изоҳ (0)