Покистоннинг турли ҳудудларида содир бўлган учта портлаш оқибатида камида бир киши ҳалок бўлди, 11 киши жароҳатланди. Бу ҳақда «ТАСС» хабар бермоқда.
Полиция маълумотларига қараганда, ҳар бир терактда 2–3 килограммгача портловчи моддадан фойдаланилган. Учта фугас ҳам йўл четига ўрнатилган бўлиб, масофадан туриб портлатилган.
Биринчи бомба Билужистон вилоятидаги Кветта округида портлади. У маҳаллий қабила оқсоқолининг машинасига зарар етказди. Жароҳатланган етти киши ичида икки бола ҳам бор.
Иккинчи портлаш Ҳайбар-Паҳтунхва вилоятидаги Сват округида содир бўлди. Портлаш зарби оқибатида фугас яқинидан ўтиб кетаётган машина ичидаги бир киши ҳалок бўлди, икки киши жароҳатланди.
Учинчи портлаш ҳам шу вилоятда амалга оширилди. Унинг оқибатида икки киши жароҳатланди ва маҳаллий ўз-ўзини бошқариш органи вакилининг автомобилига шикаст етди.
Портлашлар учун ҳеч қайси гуруҳ жавобгарликни ўз зиммасига олмади.
Изоҳ (0)