Тошкентдаги Республика Олимпия захиралари теннис мактабида норасмий жаҳон чемпионати ҳисобланган Дэвис Кубоги доирасидаги Ўзбекистон ҳамда Хитой терма жамоалари ўртасидаги учрашувлар якунланди, деб хабар беради Оламспорт.
Мусобақанинг учинчи кунидан ўрин олган сўнгги бешинчи учрашув ўз якунига етди. Унда Ўзбекистоннинг иккинчи ракеткаси Фаррух Дўстов муҳим ғалабани қўлга киритди: хитойлик Ди Вуга қарши кортга чиққан Дўстов рақибини 7:6, 6:3, 7:6 ҳисобида доғда қолдирди. Бу билан у Ўзбекистон терма жамоасининг умумий 3:2 ҳисобидаги ғалабасини таъминлади. Бундан аввалги учрашувда мамлакатнинг биринчи рақамли теннисчиси Денис Истомин кутилмаганда Зе Жангга 6:3, 5:7, 6:2, 1:6, 4:6 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйганди.
Ушбу ғалаба Ўзбекистон терма жамоасини Жаҳон лигасига ўтиш учун ўтказиладиган плей-офф учрашувига олиб чиқди. Тез орада терма жамоанинг бўлажак рақиби қуръа ташлаш йўли билан аниқланади. Ўзбекистонлик теннисчилар тўққизинчи маротаба жаҳон лигасига чиқиш учун уриниб кўради.
Изоҳ (0)