Бутунжаҳон бокс кенгаши (WBC) версияси бўйича супероғир вазн тоифасида жаҳон чемпиони — америкалик Деонтей Уайлдер ўз титулини муваффақиятли ҳимоя қилди. Бу ҳақда «ТАСС» хабар бермоқда.
АҚШнинг Алабама штатидаги Бирмингем шаҳрида бўлиб ўтган 12 раундлик жангда Уайлдер ҳамюрти Карис Арреолани 8-раундда техник нокаут билан мағлубиятга учратди. Профессионал рингда 37-жангини олиб борган Деонтей барчасида (36 таси нокаут билан) ғалаба қозонган. У 2015 йилда қўлга киритган чемпионлик унвонини тўртинчи маротаба ҳимоя қилди.
Арреола эса учинчи марта жаҳон чемпиони бўлиш имкониятини йўққа чиқарди. У профессионал рингда 42 та жанг ўтказиб, 36 тасида (шулардан 31 тасида нокаут билан) зафар қучган. Шунингдек, унинг ҳисобида 5 та мағлубият ва 1 та дуранг бор.
Эслатиб ўтамиз, Уайлдер 21 май куни россиялик Александр Поветкин билан жанг ўтказиши режалаштирилганди, бироқ россиялик боксчининг организмида мельдоний қолдиқлари аниқлангани учун жанг номаълум муддатга қолдирилди. WBC Поветкинга нисбатан тергов иши давом этгунига қадар Деонтей Уалдерга ўз титулини ихтиёрий равишда ҳимоя қилиш ҳуқуқини берди.
Аввалроқ россиялик боксчининг «B» допинг намунасида 72 нанограмм, «А» намунасида 70 нанограмм мельдоний борлиги аниқланган эди.
Изоҳ (0)