Биатлон бўйича саккиз карра Олимпиада чемпиони — норвегиялик Уле Эйнар Бьорндален ушбу спорт тури бўйича уч карра Олимпиада чемпиони, беларуслик Дарья Домрачева билан ўз муносабатларини қонунлаштириб олди. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар бермоқда.
Биатлончилар 2010 йили Ванкуверда ўтказилган қишки Олимпиада ўйинларида танишган. Ўшандаёқ уларнинг муносабатлари ҳақида миш-мишлар тарқалган, аммо спортчилар уларни тасдиқламаган эди. Шу йилнинг апрель ойида эса 42 ёшли «биатлон қироли» Дарья билан фарзанд кутаётганини маълум қилди. Бўлажак фарзанд октябрь ойида дунёга келиши кутилмоқда.
Тўй маросими ва ўтказилган жойи ҳақида спортчилар ҳеч қандай маълумот бермади. Бьорндален Домрачева билан тўй либосларида тушган суратини Facebook’даги саҳифасига жойлаштирди.Норвегиялик биатлон афсонаси бундан аввал ҳам турмушда бўлган. 2012 йилда у олти йиллик оилавий иттифоқдан сўнг италиялик биатлончи Натали Сантер билан ажрашган. Дарья Домрачева эса биринчи марта турмушга чиқиши.
Изоҳ (0)