Америкалик бир гуруҳ тадқиқотчилар инсоният тараққиётининг ҳалокатига сабаб бўлиши мумкин бўлган реалистик тахминларни маълум қилди. Бу ҳақда, Science журнали маълумотига таяниб, «РИА Новости» хабар бермоқда.
Олимларнинг тахминича, «Охир замон» учта сабабга кўра — супервулқоннинг отилиши, қуёш фаоллиги ва астероид билан тўқнашув оқибатида юз бериши мумкин.
Биринчи сценарийга кўра, супервулқоннинг отилиши оқибатида қитъа бир метрлик кул билан қопланади, бинолар вайрон бўлиб, водопровод ифлосланади, қишлоқ хўжалиги нобуд бўлади.
Ер аҳолиси ҳалокатининг иккинчи тахмини Қуёш фаоллиги билан боғлиқ. Инсониятга Қуёшдаги коронал масса ташланмалари натижасида юзага келган юқори энергетик зарраларнинг кучли оқими таҳдид қилиши мумкин.Бу эса бутун қитъаларнинг электр энергиясидан узилиб қолишига олиб келиши мумкин.
Учинчи сценарий — астероид билан тўқнашув ҳам катта хавфни юзага келтиради. Ҳисоб-китобларга кўра, бир километр диаметрдаги космик жисмнинг Ерга қулаши чанг булутларини юзага келтириб, улар сайёрани бир неча ойга ёруғликдан маҳрум этиши мумкин.
Олимларнинг маълум қилишича, ўз вақтида зарур чораларни кўриш билан юқорида санаб ўтилган ҳалокатлар қурбонлари сонини минимумга камайтириш мумкин.