Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов 15 июль куни Оқсаройда Халқаро ҳаваскор боксчилар уюшмаси (AIBA) президенти Чинг-Куо Вуни қабул қилди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Чинг-Куо Ву AIBA Ижроия қўмитасининг Тошкентда ўтаётган мажлисида иштирок этиш учун мамлакатга ташриф буюрди. Мазкур спорт форуми Халқаро ҳаваскор боксчилар уюшмаси учун Бразилияда бўладиган Олимпия ўйинларига тайёргарликнинг якуний босқичи ҳисобланади.
Давлат раҳбари меҳмонни самимий қутлар экан, AIBA ва унинг раҳбари Чинг-Куо Ву ўзининг муносиб хизмати билан дунёда кенг тарқалган боксни ва, умуман, Олимпия ҳаракатини ривожлантиришга катта ҳисса қўшаётганини алоҳида таъкидлади.
Ушбу нуфузли халқаро ташкилот Ижроия қўмитаси мажлисининг Тошкентда ўтказилаётгани муҳим воқеа бўлиб, бу жаҳон спортида Ўзбекистон алоҳида ўрин эгаллашини яна бир бор тасдиқлайди.
Чинг-Куо Ву Ўзбекистоннинг жаҳон спорт майдонида обрўси ортиб бораётганини юксак баҳолади. Ўзбекистонда жисмоний тарбияни оммалаштириш ва болалар спортини ривожлантириш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилгани халқаро жамоатчиликка яхши маълум. Давлат раҳбарининг соғлом турмуш тарзини қарор топтириш ва ҳар томонлама етук ёшларни вояга етказишга доимий ғамхўрлик кўрсатаётгани, бу борада мақсадли ишлар амалга оширилаётгани натижасида айни пайтда 6 ёшдан 15 ёшгача бўлган болалар ва ўсмирларнинг қарийб 60 фоизи спорт секцияларига қатнамоқда.
Ўзбекистонда мустақиллик йилларида профессионал спортчи, мураббий ва ҳакамларни тайёрлаш бўйича самарали тизим яратилди. Бугун барча зарур техник ва услубий воситалар билан таъминланган саксондан зиёд спорт федерациялари фаолият кўрсатмоқда.
Мамлакатнинг барча ҳудудларида 51 мингдан ортиқ спорт иншоотлари бунёд этилган. Спорт турлари бўйича кўплаб марказ ва секциялар, энг яхши хорижий спорт ареналаридан қолишмайдиган спорт мажмуалари ва заллари фаолият кўрсатмоқда.
Ўзбекистон спортчиларининг Олимпия ўйинларида эришаётган ютуқлари ушбу йўналишда олиб борилаётган ишлар юксак самаралар бераётганидан далолатдир. Тарихан қисқа фурсатда 6 олтин, 5 кумуш ва 10 бронза медали қўлга киритилди.
Ўзбекистон спортида бокс алоҳида ўрин эгаллайди. 2014–2015 йилларда мамлакатнинг барча ёш ва вазн тоифасидаги чарм қўлқоп усталари турли даражадаги 269 медалга сазовор бўлди. Ўзбекистонда халқаро миқёсдаги нуфузли мусобақалар ва бокс турнирлари мунтазам ўтказилмоқда. 2015 йилнинг 7–14 июнь кунлари AIBA шафелигида Тошкентда ўтказилган бокс бўйича ўсмирлар ўртасида Осиё чемпионатида ўзбекистонлик спортчилар 7 олтин ва 6 бронза медални қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллади.
Оқсаройдаги учрашувда Ўзбекистонда ҳаваскорлик боксини ривожлантириш, мамлакатнинг AIBA билан самарали ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш ва кенгайтириш истиқболлари ҳақида фикр алмашилди.
Халқаро ҳаваскор боксчилар уюшмаси раҳбари Президент Ислом Каримовга самимий қабул ҳамда Ўзбекистонда спортни, жумладан, боксни ривожлантиришга улкан ҳисса қўшаётгани учун миннатдорлик билдирди.
Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Президентига спорт ва олимпия ҳаракатини ривожлантириш ҳамда оммаллаштириш йўлидаги улкан хизматлари учун, шунингдек, боксни халқаро ва миллий даражада ривожлантириш борасидаги фидокорона меҳнати эътирофи сифатида AIBA’нинг юксак мукофоти — «Хизматлари учун» ордени топширилди.
Изоҳ (0)