Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасида ҳудудий давлат солиқ органлари, тизим ўқув юртлари ва қўмита ҳузуридаги марказлар раҳбарлари иштирокида кенгайтирилган Ҳайъат йиғилиши ўтказилди. Бу ҳақда Давлат солиқ қўмитаси ахборот хизмати хабар бермоқда.
Йиғилишда давлат солиқ хизмати органларининг асосий фаолият йўналишлари бўйича 2016 йилнинг I ярим йиллиги натижалари, солиқ тушумлари тўлиқлигини таъминлашда йўл қўйилган камчиликлар ҳар бир ҳудуд кесимида танқидий муҳокама қилиниб, III чорак учун белгиланган прогноз кўрсаткичлари бажарилишини таъминлаш борасидаги долзарб вазифалар белгилаб олинди.
Шунингдек, унда биринчи даражали тўловларни амалга оширишда нақд пул тушумлари тўлиқлигини таъминлаш, маблағларнинг банкдан ташқари айланмасини қисқартириш борасидаги камчиликлар, дебиторлик ва кредиторлик қарзларнинг ошиши сабаблари, солиқ қарзи ва ортиқча тўловни қисқартириш, солиқ объектлари ва субъектларини тўлиқ ҳисобга олиш, солиқлар йиғилувчанлигини ошириш борасидаги ишлар аҳволи батафсил муҳокама қилиниб, келгусидаги вазифалар белгилаб олинди.
Йиғилишда давлат солиқ хизмати органларидаги вакант лавозимларни юқори малакали ходимлар билан жамлаш, кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар аҳволи муҳокама қилиниб, тегишли топшириқлар берилди. Муҳокама натижалари бўйича, фаолиятида жиддий камчиликларга йўл қўйганлиги учун ҳудудий давлат солиқ хизмати органлари раҳбар ходимларидан 2 нафари эгаллаб турган лавозимидан озод этилди ва 37 нафарига тегишли интизомий жазо чоралари қўлланилди.
Эслатиб ўтамиз, 2015 йилнинг октябрь ойида Давлат солиқ қўмитасида ўтказилган йиғилишда марказий аппарат таркибий тузилмалари ва ҳудудий давлат солиқ хизмати органлари раҳбарларидан 2 нафари эгаллаб турган лавозимидан озод этилиб, 39 нафарига нисбатан тегишли интизомий жазо чоралари қўлланилганди. 2015 йилнинг январида ўтказилган Ҳайъат йиғилишида эса давлат солиқ хизмати органлари раҳбарларининг 2 нафари эгаллаб турган лавозимидан озод этилиб, 31 нафарига тегишли интизомий жазо чоралари қўлланилганди.