2018 йил Россияда бўлиб ўтадиган Жаҳон чемпионати саралашининг учинчи босқичига тайёргарлик кўраётган Ўзбекистон миллий терма жамоаси навбатдаги ўқув машғулотларини Австрияда ўтказмоқда. Йиғин давомидаги илк ўртоқлик учрашуви 13 июль куни бўлиб ўтиши керак эди. Аммо бу режа амалга ошмай қолди, деб хабар бермоқда Championat Asia.
Ўзбекистонлик футболчилар Чехиянинг «Яблонец» клубига қарши майдонга тушиши режа қилинганди. Учрашув Австрянинг Енбах шаҳрида бўлиб ўтиши ва маҳаллий вақт билан 18:00 да (Тошкент вақти билан 21:00 да) бошланиши келишиб олинган эди.
Аммо қаттиқ ёмғир туфайли ўйин бекор қилинди. Клуб расмий сайтида ёзишилича, ноқулай об-ҳаво шароити туфайли томонлар ўзаро келишган ҳолда шу қарорга келган.
«Нима ҳам қила олардик, об-ҳаво бизга панд берди. Бундай шароитда учрашувни ўтказиш футболчилар саломатлигини хавфда қолдириш демакдир. Айнан шу сабаб ўйинни бекор қилдик», — деб янгиликка изоҳ берди «Яблонец» мураббийи Зденко Фртала.
«Яблонец» Австрия йиғини доирасида Англиянинг номдор жамоаси «Эвертон»га қарши ўртоқлик учрашуви ўтказишни ҳам режалаштирган.
Изоҳ (0)