Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг «Озодлик ҳавосидан тўйиб нафас олган халқ ўз йўлидан ҳеч қачон қайтмайди» ва «Ҳаёт синовларида тобланган Қашқадарё эли ҳар қандай юксак маррани эгаллашга қодир» номли китоблари «Ўзбекистон» нашриёт-матбаа ижодий уйи томонидан нашр этилди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Маълумки, давлат раҳбари жойларда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари билан яқиндан танишиш мақсадида шу йил 30 июнь – 1 июль кунлари Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларида бўлиб, мазкур вилоятларнинг фаоллари, хотин-қизлар, ёшлар ва кенг жамоатчилик вакиллари билан учрашиб, самимий суҳбатлашди.
Ушбу китоблардан ана шу суҳбатлар пайтида Президент томонидан билдирилган фикр-мулоҳазалар ўрин олган бўлиб, уларда нафақат Сурхон ва Қашқа воҳалари, балки бутун мамлакатинг бугунги ва эртанги тараққиёти, мамлакатдаги тинчлик ва осойишталикни, обод ва фаровон ҳаётни янада мустаҳкамлаш ва қадрига етиш, олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларни чуқурлаштириш, бунёдкорлик ишларини янги босқичга кўтариш, ёшларни соғлом ва баркамол қилиб тарбиялаш каби ўта муҳим ва долзарб масалалар бўйича фикр юритилади.
Мустақиллик йилларида Ўзбекистоннинг барча ҳудуд ва минтақалари сингари Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларида ҳам улкан ўзгаришлар рўй бергани мазкур китобларда алоҳида таъкидланади. Мустабид тузум даврида асосан пахта хом ашёси етиштириш билан чекланган бу воҳаларда бугунги кунда замонавий технологиялар билан жиҳозланган йирик саноат корхоналари, коммуникация тармоқлари фаолият кўрсатаётгани, фермерлик ҳаракати, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик жадал ривожланиб, қишлоқ ва шаҳарлар қиёфаси тубдан ўзгариб, одамларнинг турмуш даражаси, онгу тафаккури, дахлдорлик ҳисси тобора ортиб бораётгани ва бундай ютуқлар замирида мужассам бўлган омиллар ҳақида теран фикр-мулоҳазалар баён қилинади.
Мазкур вилоятларнинг ўзига хос табиати, улкан иқтисодий ва инсоний салоҳияти, бетакрор қадрият ва анъаналари, Сурхондарё ва Қашқадарё заминининг мард ва олижаноб инсонлари тўғрисида Президент катта меҳр ва ғурур туйғулари билан фикр юритади.
Ушбу китобларда тарихан қисқа муддатда Термиз, Қарши ва Шаҳрисабз шаҳарларининг таниб бўлмайдиган даражада ўзгариб, мамлакатнинг энг йирик, жадал ривожланиб бораётган иқтисодий ва маданий марказларига айлангани аниқ мисоллар асосида таҳлил этилади.
Президентнинг китобларида мустақиллик йилларида ўзбек халқи эришган барча ютуқ ва марраларда ҳамма ҳудудлар қатори Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятлари меҳнаткашларининг ҳам муносиб ҳиссаси борлиги чуқур миннатдорлик билан эътироф этилади.
Ҳажман кичик, лекин мазмунан чуқур бу китобларни «Озодлик ҳавосидан тўйиб нафас олган халқ ўз йўлидан ҳеч қачон қайтмайди» деган ҳаётий ҳақиқат бош ғоя сифатида бирлаштириб туради.
Мухтасар айтганда, Президент Ислом Каримовнинг мазкур рисолалари истиқлол йилларида мамлакат қандай оғир ва мураккаб, шу билан бирга шарафли йўлни босиб ўтгани, мустақиллик ҳар бир вилоят, шаҳар ва қишлоқ, ҳар бир фуқаро ҳаётида буюк ўзгаришларга асос ва замин бўлаётганини чуқур англашга хизмат қилади ва ана шу бебаҳо неъматни қадрлаб, уни ҳимоя қилиб яшашга даъват этади.
Изоҳ (0)