Халқаро Ер айланиши хизмати (IERS) жорий йил бир секундга узайтирилганини маълум қилди. Бу астрономик ва атом соатлари синхронизацияси учун зарурдир. Шу тариқа, 31 декабрь куни соатларда 23:59:59 дан сўнг 23:59:60 вақти кўрсатилади, шундан сўнг у 00:00:00 га ўтиб, янги йил бошланади, деб хабар беради «Вокруг света».
Ўта аниқ атом соатлари ёрдамида белгиланадиган Бутунжаҳон мувофиқлаштирилган вақти (UTC) ва астрономик вақт синхронизациясига IERS жавоб беради. У Ернинг айланиш параметрлари ҳамда унинг координаталарини кузатиб боради. Зарур бўлганда хизмат қўшимча секундлар қўшилишини эълон қилади. 1972 йилдан бери умумий ҳисобда 26 секунд қўшилди; бу иш охирги марта 2015 йилнинг 30 июнида амалга оширилган эди.
Вақтни тўғрилаш зарурлиги ҳақида олти ой олдин маълум қилинади. Одатда қўшимча секунд июнь ёки декабрь охирида қўшилади. Бундай секундларнинг қўшилишига қаршилар бор, негаки, уларнинг фикрича, бу электроника ишида бузилишларни келтириб чиқаради. Бошқа томондан, қўшимча секундларнинг бекор қилиниши бора-бора фаслларнинг алмашиб қолишига олиб келиши мумкин.
Атом ва астрономик вақт орасидаги фарқ секин тўпланиб боради: 2100 йилда у 2–3 дақиқани, 2700 йилда эса 30 дақиқани ташкил этиши мумкин.
Изоҳ (0)