Россия антидопинг агентлиги (РУСАДА)нинг «Матч ТВ» телеканалига келган хатида Ўзбекистон миллий терма жамоаси ва Россиянинг «Краснодар» футбол клуби ярим ҳимоячиси Одил Аҳмедов 1980 йилда туғилган деб кўрсатилган.
«Краснодар» жамоаси футболчилари Одил Аҳмедов (Ўзбекистон) ва Рагнар Сигурдссоннинг (Исландия) допинг намуналари 2014 йилнинг 18 август куни Антидопинг марказига бориб тушган. Аҳмедов намуналарида тақиқланган гексарелин моддаси борлиги гумон қилинган. Аммо такрорий таҳлил ўзбекистонлик футболчи намуналарида тақиқланган препаратлар йўқ эканини кўрсатди.
17 июнь куни Россия антидопинг агентлиги (РУСАДА) мамлакат спорт вазири Виталий Мутконинг «Ростов» – «Краснодар» ўйинидан кейинги допинг-тест натижалари сўровига биноан жавоб йўллади. Унда ҳам Аҳмедов ва Сигурдссон пробаларида тақиқланган моддалар бўлмаганлиги тасдиқланди.
Эътиборга молик томони шундаки, РУСАДАнинг хатида Одил Аҳмедов 1980 йилнинг 25 ноябрида туғилган деб кўрсатилган. Аксарият манбаларда ўзбекистонлик футболчи 1987 йилнинг 25 ноябрида туғилганлиги қайд этилган.
Изоҳ (0)