Британиялик муаллифлар Каролин Эден ва Элеанор Форд ўзбек ошхонасига бағишланган «Самарқанд: рецептлар ҳамда Марказий Осиё ва Кавказдан ҳикоялар» номли китобни яратди. Бу ҳақда MyDay хабар бермоқда.
Таъкидланишича, Ўзбекистон, айниқса Самарқанд муаллифларни ошхонасининг бойлиги ва хилма-хиллиги, шунингдек, бетакрор маданий-тарихий мероси билан ҳайратда қолдирган. Шу боис китобга «Самарқанд» деган ном берилган.
Буюк Британияда китобнинг деярли бутун адади у сотувга чиқарилишидан олдинроқ харидорлар томонидан буюртма қилиб бўлинди. Ҳозир уни Amazon’да 8,99 фунт стерлингга сотиб олиш мумкин.
«2009 йили биринчи марта Самарқандга борганимда шаҳарда ҳукм сураётган хайрихоҳлик муҳитидан ҳайратга тушдим: мен маданиятлар ва динлар, замонавийлик ва тарих уйғунликда мавжуд бўлишига гувоҳ бўлдим. Замонавий Ўзбекистон бой тарихини қай даражада сақлаб қола олганини кўриб лол қолдим. Маҳаллий бозорга ташриф буюрарканман, ўрта асрлар бозорига кириб қолгандай бўлдим, у ерда ўзбек гиламлари ва сўзаналарининг гўзаллигига шоҳид бўлдим, замин туҳфалари ва моҳирлик билан тайёрланган пишириқлардан баҳраманд бўлдим. Маҳаллий овқатлар ва мевалар таъми бу ернинг муҳитини янада теранроқ англашимга ёрдам берди. Самаркандда турли миллат вакиллари истиқомат қилишини яхши тушунган ҳолда Буюк ипак йўли халқларининг ошпазлик маҳорати ҳақида китоб яратишга қарор қилдим», — деб хотирлайди Ўзбекистонга ташрифини муаллифлардан бири — Каролин Эден.
Сайёҳлар ўз китобида Самарқанд ва Бухоро аҳолиси билан суҳбатларда ўрганган таомларининг тайёрланиш усуллари ҳақида ҳикоя қилади. Булар орасида, масалан, қозон кабоб, ош, ясмиқ шўрва, пиёзли нон ва тоғ қуймоғи бор.
Каролин Эден — туризм ва маданият соҳасига ихтисослашган таниқли британиялик журналист. Унинг мақолалари The Guardian, The Telegraph, The Financial Times ва The Independent сингари нуфузли нашрларда чоп этилади. У Metro журналида туризмга бағишланган махсус рукнни юритади, шунингдек, Қироллик география жамияти билан ҳамкорлик қилади.
Элеанор Форд саёҳат ва халқаро ошпазлик соҳасига ихтисослашган ёш иқтидорли шарҳловчилардан ҳисобланади. У турли давлатларга саёҳат қилиб, маҳаллий ошхонани ўрганади, шу асосда BBC Good Food канали учун кўрсатувлар, Good Food Magazine журнали учун эса мақолалар тайёрлайди. Британиянинг ошпазлик йўналишидаги ёзувчилари гильдияси аъзоси. Ресторанлар рейтинги бўйича Zagat ва Time Out сингари нуфузли агентликлар билан ҳамкорлик қилиб, Гонконг ва Лондондаги ресторанларни баҳолашда муҳаррир сифатида иштирок этган.