Кристофер Коулмэн бошчилигидаги Уэльс терма жамоаси Европа Чемпионатлари тарихида янги саҳифа очди. Чорак финал ҳали ҳаммаси эмас, уэльсликлар тўхташни хаёлларига ҳам келтиришаётгани йўқ.
Йўқотишлар
Уэльс терма жамоасининг 23 нафар футболчиси бўлажак «жанг»га тайёр. Бельгияда эса йўқотишлар бор. Томас Вермален дисквалификаця сабаб, Ян Вертонген жароҳат сабаб ўйинда иштирок этмайди.Ўзаро ўйинлар
12 та учрашувнинг 5 тасида Бельгия, 4 тасида Уэльс ғолиб. Бироқ «аждарлар» кўпроқ гол уришган — 17:16.Эден Азар
Азар «Челси»га ташрифига қадар Лилль шаҳри жамоаси шарафини ҳимоя қилганди. Унинг бу шаҳарга қайтиши қандай самара бериши мумкин? Эден оддийгина жавоб қайтарди: «Мен бу шаҳар ҳақида жуда яхши биламан».Азар учун Лиллдаги ўйин алоҳида аҳамият касб этадими деган саволга бош мураббий Марк Вильмотснинг жавоби: «Албатта, бу унинг ўсмирликдаги шаҳри. Бу ерга Азар 14—15 ёшида келган, профессионал футболчилигини шу ерда бошлаган. Унинг Лиллда ҳали ҳам кўп дўстлари бор, қолаверса Лилль Бельгия чегарасидан 15 километр узоқда жойлашган, холос. Айтганча, Азар янги стадионда ҳали ўйнаб кўрмаган, чунки у «Челси»га кетганидан кейингина бу стадион қурилиши бошланганди».
«Лилль мен учун ҳамма нарса бошланган шаҳар. Бу шаҳарда мен профессионал футболчига айландим. Менда янги стадионда тўп суриш имкони бўлмаганди, бироқ унда иккита учрашувни кузатганман».
«Уэльс қийин рақиб. Саралашда унга гол ура олмагандик. Бугун эса умуман янги тарих бўлади. Умид қиламанки, очиқ футболга гувоҳ бўламиз».
Гарет Бэйл
«Реал» вакили Европа Чемпионатидаги учта муваффақиятли зарбасидан кейин Уэльс термаси учун голлари сонини 22 тага етказиб олди. Бельгияга қарши ўйинда ҳам муваффақият қозона олса, Айвор Оллчерча (1950—1966), Тревор Форд (1946—1956) каби собиқ футболчиларга етиб олади. Уэльс учун 28 та гол урган Иан Раш (1980—1996) ҳозирча яққол рекордчи.Бэйл саралаш доирасидаги Бельгиянинг таслим этилишида катта рол ўйнаб, ягона голга муаллифлик қилганди: «Бу Уэльс терма жамоасидаги энг муҳим голим эди. Мен унинг учун 50 та ўйинда майдонга тушган бўлишим мумкин, бироқ Бельгияга қарши ўша беллашув алоҳида аҳамият касб этиб қолаверади», — дейди футболчи журналистларга берган интервьюсида.
«Ҳозир мухлислар биз ҳақимизда янада кўпроқ қайғуришмоқда. Биз Уэльсдан узоқда бўлсакда, буни ҳис қилиб турибмиз. Барча мухлисларга бунинг учун миннатдорвичлик изҳор қиламиз ва уларга ўз ўйинимиз билан муносиб жавоб қайтаришга ҳаракат қиламиз».
«Футболкамдаги аждар — менга керак бўлган ҳамма нарса!»
Матбуотга назар
Het LaatsteБельгиянинг шу номли матбуоти дарвозабон Тибо Куртуага катта ишонч билдирган. Италияга қарши Евро—2016 даги биринчи беллашувни инобатга олмаса, Тибо қолган беллашувларни қуруқ серия билан якунламоқда. Het Laatste Бэйл ва унинг компаниясига қарши беллашувда ҳам бу иш давом этишига ишонган.
Бельгия матбуоти Уэльс терма жамоаси бош мураббийи Кристофер Коулмэннинг сўзларини қора ҳарфларда кўринарли қилиб ёзиб қўйди: «Биз Бельгиядан қўрқмаймиз!»
Бу ерда матбуот ўйинолди ҳазил қилишдан ҳам тап тортаётгани йўқ. Энг кўп муҳокама қилинаётган мавзу Гарет Бэйл бўлиб турибди. Буниси энди тушунарли. Йўл-йўлакай матбуот Евро—2016 сабаб укасининг тўйини ўтказиб юборишга яқин турган Крис Гентнер ҳақида ҳам ёзишни унутмади. Энг бахтсиз уэльслик деб эса Beyonce’нинг концертидан четда қолиб кетаётган Нил Тейлор топилган.
Goals
Британия нашрлари Гарет Бэйл ва унинг компаниясида ўзига бўлган ишонч юқори эканига алоҳида эътибор қаратган. Бу Уэльснинг Анлия терма жамоасидан фарқи бўлса ажаб эмас.
Бугунги газеталарнинг биринчи саҳифасида битта футболчини, у орқали эса бутун бир мамлакатни кўриш мумкин бўлди.
Ўйинолди фикрлар
Марк Вильмотс: «Уэльсни жуда яхши биламиз. Уларда икки нафар топ футболчи бор: Бэйл ва Ремзи. Биз Гаретни алоҳида қўриқламаймиз».Крис Коулмэн: «Бельгия дунёнинг энг кучли терма жамоаларидан бири. Улар бизни яхши билишади, биз эса уларни. Сўнгги вақтларда биз ўзаро тўрт бор тўқнаш келдик».
Тоби Алдервейрелд (Бельгия): «Уэльсга қарши ўйин Венгрияникидан фарқ қилади. Ўйлашимча, рақиб қарши ҳужумларга эътибор қаратади. Саралаш босқичидаги мағлубият аламини олсак яхши бўларди».
Крис Гантер (Уэльс): «Британия шарафини ҳимоя қилаётган ягона жамоа эканлигимиздан фахрланамиз. Уэльс доим аутсайдер ҳисобланган, ҳозир эса биз майдонда ҳам, унинг ташқарисида ҳам кучлимиз. Энди чорак финал билан тўхтаб қолмоқчи эмасмиз».
Янник Карраско (Бельгия): «Биз саралашда Уэльсни мағлуб эта олмагандик. Бироқ бу финал турнири, ундаги босим саралашдагидан анча юқори. Энди ҳаммаси бошқача бўлади ва бунга кучимиз етади».
Нил Тейлор (Уэльс): «Бу турнир терма жамоадаги дўстларим билан вақт ўтказиш учун ажойиб имкониятдир. Бу ерда ҳар доим ҳам ҳозиргидек атмосфера ҳукмрон бўлмайди. Одатда 30 та эркак киши битта меҳмонхонада аҳил бўлиши осон иш эмас, лекин бизда ҳаммаси ажойиб. Ўзаро тушунувчанлик юқори даражада».
Жордан Лукаку (Бельгия): «Жума куни мураббий менга ишонч билдирса, бор кучим билан ҳаракат қиламан. Катта акам билан битта жамоада эканим — ажойиб. Ромелу мендан 1 ёшгина катта бўлгани учун ҳам яхши чиқишамиз. Уэльсга қарши иккаламиз ҳам бошланғич таркибга кирсак, бу биз учун алоҳида кун бўлади».Футболчилар ижтимоий тармоқда
Уэльс — Бельгия ўйини 1 июль куни Тошкент вақти билан 23:59 да старт олади. Беллашувни "Дарё"даги матнли онлайн билан кузатинг.
Изоҳ (0)