Англия футбол терма жамоаси, Европа чемпионати 1/8 финалида Исландия футболчиларидан мағлубиятга учраса, ушбу давлат шимолида бепул дам олиш имкониятини қўлга киритади. Исландиянинг North Sailing туристик фирмаси директори Гудбьяртур Йонссон аллақачон англиялик футболчиларнинг номига 23 та чипта ҳозирлаб қўйган, деб хабар бермоқда «ТАСС» The Guardian нашрига асосланиб.
«Бизнинг таклифимиз ҳурмат ва анъанавий исланд меҳмондўстлигининг намойишидир, — деб ўз ташаббусини тушунтирди туристик соҳа мутахассиси. — Бечора ўйинчилар учрашувдан сўнг дарҳол Англияга қайта олмайди, негаки 60 миллион англиялик ишқибоз бор-йўғи 300 минг кишилик кичик орол давлати термасидан қабул қилиб олинган мағлубиятдан ғазабда бўлади. Шу боис биз футболчилар ўйиндан кейинги кунни Шимолий Исландиядаги шаҳарча атрофида китларни томоша қилиб ўтказишини истаймиз. Бу уларнинг мағлубияти учун ажойиб товон бўлади».
Англия ва Исландия терма жамоалари ўртасидаги учрашув 28 июнга ўтар кечаси, Тошкент вақти билан соат 00:00 да бошланади. Исландиянинг янги сайланган президенти Гудни Йоханссон учрашувни трибуналардан туриб томоша қилиши айтилмоқда.
Изоҳ (0)