2016 йилги Европа Чемпионатига мезбонлик қилаётган Франция терма жамоаси турнирнинг чорак финалига йўлланма олди. Бу йўлда Дидье Дешам жамоаси Ирландия устидан иродали ғалабага эришди.
Учрашувнинг 1-дақиқасига келибоқ италиялик ҳакам Никола Риццоли мезбонлар дарвозаси томон пенальти белгилади. Поль Погба рақибига нисбатан ўйин қоидасини бузганди. 11 метрлик нуқтага яқинлашган Роберт Брэди зарбада адашмади — 0:1.
Роберт Брэдининг 2-дақиқадаги голи Европа Чемпионатлари тарихидаги энг тезкор иккинчи гол эди. УЕФАнинг Twitterдаги расмий саҳифаси энг тезкор гол россиялик Димитрий Кириченко томонидан урилгани ҳақида хабар берди.
Иккинчи бўлимнинг 13-дақиқасида Антуан Гризманнинг боши билан берган аниқ зарбасидан кейин ўйинда ҳисоб тенглашди. Орадан уч дақиқа ўтиб Гризманн дублга эришди. Оливье Жирудан пас қабул қилиб олган ҳужумчи дарвозабон билан яккама-якка вазиятни голга айлантирди.
Бу гол Антуанн Гризманни тўпурарлар рўйхатидаги Гарет Бэйл ҳамда Альваро Мората билан тенглаштирди. Антуан бунга қадар гуруҳ босқичи 2-турида Албания постига ҳам йўл топганди.
66-дақиқага келиб Гризманн турнирдаги биринчи хет-трикни қайд этиши мумкин эди. Аммо ирландиялик ҳимоячи Шейн Даффи бунга йўл қўймади. Қоидабузарликни сўнгги нажот чораси сифатида баҳолаган ҳакам Даффини майдондан четлатди.
2:1 ҳисоби ўйин якунига қадар ўзгармади ҳамда Франция чорак финалнинг тўртинчи иштирокчисига айланди. Бу босқичда Дидье Дешам шогирдлари Англия — Исландия ўйини ғолибига қарши саф тортади.
Нимчорак финал ўйинлари старт олган 25 июнь куни Польша, Уэльс, Португалия каби терма жамоалар ҳам чорак финалда ўйнаш ҳуқуқини қўлга киритганди. Бу босқичнинг 1 та жуфтлиги тўлиқ аниқланган: Португалия — Польша.
[wpse_match id="368873" show_title=1]
Изоҳ (0)