Британиянинг энг йирик авиакомпанияси British Airways ўз самолётларининг Синай ярим оролининг жанубий чеккасида жойлашган Мисрнинг Шарм-аш-Шайх курорт шаҳрига парвоз қилиши бўйича тақиқни номаълум муддатга чўзишга қарор қилди. Бу ҳақда «ТАСС» хабар берди.
«Мижозларимизнинг хавфсизлиги биз учун доим биринчи ўринда туради. Биз Гатвикдан (Лондон аэропорти) Шарм-аш-Шайхга парвозларимизни номаълум муддатга тўхтатдик», — дейилади British Airways’нинг компания сайтига жойлаштирилган баёнотида.
Компаниянинг маълум қилишича, ушбу курортга кейинчалик бекор қилинган қишки рейсларга олдиндан авиачипта харид қилган мижозларга пули тўлиқ қайтарилади ёки улар шу нархда таклиф этилувчи дунёнинг исталган курортига учиш йўналишини танлаш имкониятига эга бўлади.
Кўплаб авиакомпанияларнинг Миср курортига парвозларини тўхтатишига Россия A321 самолётининг 2015 йил 31 октябрдаги ҳалокати сабаб бўлди. «Когалимавиа» авиакомпаниясига қарашли самолёт Шарм-аш-Шайхдан Санкт-Петербургга рейсни амалга ошираётган эди. Самолёт бортида бўлган 224 кишининг барчаси авиаҳалокат натижасида ҳалок бўлган.
Изоҳ (0)