Бир муддат илгари таниқли сўз устаси Обид Асомов «Дийдор азиз» сайтида чоп этилган интервьюсида Аваз Охуннинг концерт дастурида кулмаганини тан олган эди. Бунга жавобан Аваз Охун қуйидагиларни айтганди:
«Биласизми сўз усталарини, яъни ҳамкасбларимни кулдириш қийин. Чунки улар латифаларимизни эшитиб, камчилик ва ютуқларни таҳлил қилади. Маза қилиб кулиш учун концертга сўз устаси, ‘мутахассис’ бўлиб эмас, томошабин бўлиб тушиш керак. Шунда одам дам олиб, маза қилиб кулади. Биз ҳам репетиция жараёнида унча-мунча ҳазилларимизга кулмаймиз. Санъаткор ҳамкасбининг гапларига кулмаса-да, юзига, номига бўлса-да, табассум югурмаса-да, шу ерини боплабди, топиб гапирибди дея тан бериши мумкин. Умуман олганда, тан оламан, сўз усталарини кулдириш осон эмас. Мана мен яқинда ‘Ҳандалак’чиларнинг концертига томошабин сифатида тушдим ва яхши маданий ҳордиқ чиқардим, юракдан яйраб кулдим».
«Shok.uz» сайтининг таъкидлашича, унинг жавобига мухлислар Обид Асомовдан фикр олишни сўраган. Нашр ходимлари ундан қуйидагича жавоб олган:
«Биринчидан, бу танқид эмас! Аваз Охуннинг ўз мухлислари ва шинавандалари бор. Мен ўзимнинг шахсий фикримни билдирдим, холос. Ўзбекистонда қизиқчиларни бармоқ билан санасанг, ўнта бармоқдан учтаси ортиб қолади. Мен айтмоқчи бўлган фикр шуки, қизиқчи шу замонда яшагани учун шу кунги ҳаётга ўз муносабатини билдириши керак. Яъни кулгу фақат кулгу эмас, коса тагида нимкоса деганларидек бир муаммони кўтариб чиқиши жамиятдаги баъзи камчиликларни йўқ қилишга ёрдам бериши керак, деб ўйлайман. Яна қайтараман, қизиқчи кўпайса, мен фақат хурсанд бўламан. Чунки 31 миллионлик Ўзбекистонда ҳақиқий кулгу устаси ўнтага ҳам етмайди, бу жуда оз! Ҳамма ҳамкасбларимга омад!».
Изоҳ (0)