Мексика жанубидаги Оахака штатида ҳукумат сиёсатидан норози бўлиб кўчаларга чиққан ўқитувчиларнинг полиция билан кенг миқёсли тўқнашувлари давомида камида саккиз киши, шу жумладан, бир нафар ОАВ вакили ҳалок бўлди. Бу ҳақда «ТАСС» хабар бермоқда.
Минтақа жамоат хавфсизлиги вазири Хорхе Альберто Руис Мартинеснинг сўзларига қараганда, жабрланганлар сони 100 кишидан ошади. Улардан 55 нафари полициячилар бўлиб, ҳуқуқ-тартибот ходимларининг саккиз нафари ўқотар қуроллардан яраланган.
Оммавий тартибсизликларда иштирок этганликда айбланиб 24 киши қўлга олингани ва прокуратурага топширилгани айтилмоқда.
Федерал полиция комиссари Энрико Галиндо асосий зўравонлик ҳаракатларини ўқитувчилар эмас, балки намойиш давомида уларга қўшилиб олган радикал гуруҳлар амалга оширганини айтиб ўтди. Унинг таъкидлашича, бундай гуруҳлар режа асосида ҳаракат қилиб, полицияни тузоққа туширган. Ҳуқуқ-тартибот ходимларига қарши нафақат ўқотар қуроллар, балки петардалар ва ёнувчи аралашма солинган шиша идишлар қўлланган.
Изоҳ (0)