Париждаги терактларнинг эртаси куни Американинг Коннектикут штатида масжид биносига қарата ўт очган фуқаро олти ойга қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Ушбу қарор 17 июнь, жума куни Хартфорд шаҳри суди томонидан чиқарилди. Бу ҳақда «ТАСС» хабар бермоқда.
Февраль ойида 48 ёшли Тед Хэки 2015 йилнинг 14 ноябрь куни Париждаги терактлар ҳақида билганидан сўнг, Мериден шаҳрида жойлашган, унинг уйи қаршисидаги масжид биносига қарата тўрт марта ўқ узганлигини тан олган эди.
Хэкига нисбатан бошқа диний эътиқод вакилларига нафрат негизида жиноят содир этиш, ўқотар қуролни қўллаш ва диний муассаса мулкига зарар етказиш айблари эълон қилинди.
Прокуратура судланувчининг чин кўнгилдан пушаймонлиги, шунингдек, ҳодиса оқибатида ҳеч ким яраланмаганлигини инобатга олиб, унга нисбатан 1—2 йиллик қамоқ жазосини қўллашни сўради.
Отишмадан сўнг эркак ўз қилмишидан пушаймон бўлиб, Мериден мусулмон ҳамжамиятидан узр сўраган эди. Масжид имоми ҳатто ҳукуматга уни жазодан бутунлай озод қилишни сўраб мурожаат қилган.
Изоҳ (0)