Россия президенти Владимир Путин 17-июнь, жума куни кечки соатларини тўлалигича чет эллик инвесторлар билан учрашувларга бағишлади. Дастлаб Италия бош вазири Маттео Ренцининг Путин билан биргаликдаги тановулига италиялик инвесторлар таклиф этилди. Тушликда Италиянинг 30 та энг йирик компанияси вакиллари иштирок этди, деб хабар беради «РБК».
Тушликдан сўнг бир қанча шартномалар имзоланди. Жумладан, «Роснефть» Eni билан Қора денгиз шелфида ҳамкорлик қилишга, NOVATEК ва Россия почтаси эса Италиядан асбоб-ускуна сотиб олишга келишиб олди. Петербург иқтисодий форуми доирасида Италия ва Россия ўртасида жами 1,3 миллиард доллар қийматдаги шартномалар имзоланди.
Бошқа давлат инвесторлари билан учрашувлар маҳаллий вақт билан соат 18:30 га белгиланган эди, аммо тадбир икки соатга кечикди.
«Ўзини бунчалик узоқ куттириш одобдан эмас, — деди инвесторлардан бири ‘РБК’ билан суҳбатда. — Президент бизга нима дейишидан қатъий назар, бу йўқотилган икки соатга арзийди, деб ўйламайман».
Россия президенти билан учрашувга жами 50 халқаро компания вакиллари таклиф этилган эди. Булар орасида ExxonMobil раҳбари Рекс Тиллерсон, BP бош директори Роберт Дадли, Total раҳбари Патрик Пуянне, Hyperloop лойиҳаси раҳбари Дирк Алборн ва бошқалар бор эди. Путиннинг Ренци билан қўшма матбуот анжумани якунига етаётган пайтда қўшни аудиторияга кириш учун навбатга, шунингдек, Германиянинг собиқ канцлери Герхард Шрёдер, президент ёрдамчиси Андрей Белоусов, Россия саноатчилар ва тадбиркорлар иттифоқи раҳбари Андрей Шохин, бош вазир ўринбосари Игорь Шувалов қўшилди.
Путиннинг халқаро компаниялар раҳбарлари билан суҳбати бир ярим соат давом этди. Суҳбатдан кейинги интервьюларида бизнесменлар Путин томонидан турли йўналишлардаги таклифлар илгари сурилганини, шунингдек, Россия етакчиси уларнинг лойиҳаларини илиқлик билан қабул қилганини эътироф этди.
«Дунё мураккаб иқтисодий вазиятни бошдан кечираётганини ҳамма билади. У (Путин) инвесторлар эшитмоқчи бўлган нарсани айтди: муаммо ва қийинчиликлар қандай қилиб енгиб ўтилишини», — деди Ҳиндистон саноати конфедерацияси президенти Нушад Форбс.
Изоҳ (0)