Украинани Евро—2016 да мағлуб этган Шимолий Ирландия футболчилари яқин-яқингача молбоқар ёки почтачи эди
Евро—2016 нинг «C» гуруҳида иштирок этаётган Шимолий Ирландия терма жамоаси кеча — 16 июнь куни қитъа чемпионатидаги биринчи ғалабасини қўлга киритди. Украина терма жамоасига қарши ҳаракат қилган жамоа 2:0 ҳисобида муваффақият қозонди.
«Championat.asia» нашри Шимолий Ирландия терма жамоаси таркибида тўп сурган футболчилар яқин-яқингача бошқа касб эгалари бўлганини қайд этиб ўтди. Еврода яхши таассурот қолдираётган жамоа аъзолари ўз вақтида чўпонлик қилган, қурилишда оғир меҳнат билан банд бўлган ёки уйма-уй юриб, почталарни эгасига етказган.
Конор Вашингтон
Англиянинг «КПР» клуби шарафини ҳимоя қилаётган футболчи Украина дарвозасига гол урмаган бўлсада, ғалабага муносиб ҳисса қўшди. 4 йил муқаддам у тонгги 5:30 да уйғониб, велосипедда хатларни ўз эгаларига етказарди. Жамоасининг машғулотларига аранг улгурадиган Вашингтон, велосипедидан йиқилиб, кўп жароҳат оларди.
Стюарт Даллас
Даллас беш йил олдин футболчи бўлишига ҳам ишонмаган. Англиянинг «Лидс» клуби аъзоси шундай ҳикоя қилади: «Тонгги 7 дан бошлаб совуқ кунда қурилишда меҳнат қилардим. Ўша пайтда кимдир менинг Еврода иштирок этишимни башорат қилса, мен уни аниқки аҳмоққа чиқарардим. Қурилиш менга ҳаётни қадрлашни ўргатди».
Коннор Маклафлин
4 йил олдин Маклафлин футболдан кетишга қарор қилди. Уни жароҳатлар ва спорт формасидаги муаммолар тўйдириб юборганди. Юридик университетга кирди ва шу йўл орқали ҳаётини ўзгартиришга киришди. Кутилмаганда «Флитвуд Таун»дан таклиф тушиб қолди ва Коннор учун барчаси ўзгариб кетди. 2016 йилнинг 16 июнь куни у Шимолий Ирландия термаси сафида Украинани мағлуб этганди.
Педди Макнейр
21 ёшли йигит «Манчестер Юнайтед»га келгунича молбоқар эди. — «Отамнинг каттаси фермаси бўларди. Футболга боришдан олдин мен унга ёрдам берардим ва меҳнатим эвазига ҳақ олардим», — деб ҳикоя қилади Макнейр. Қизиқ томони, у мол боқиб юрган бир вақтда Украина термасининг бугунги етакчилари «Динамо» ёки «Шахтёр»да миллионларга кўмилиб юрганди.
Найал Макгинн
Украина термаси дарвозасига ғалаба голини урган футболчи бир вақтлар регбига ўхшаб кетадиган ирландча спорт турида шуғулланарди. Футболчи бўлганингиздан афсусланасизми деб берилган саволга Найал шундай жавоб берди: — «Йўқ, албатта. Аҳир ёмон футболчи бўлганим йўқ-ку!»
Жош Мадженнис
Регбидан футболга дарвозабон бўлиб ўтган Жошнинг кўнгли 2009 йилда ҳужумда ўйнашни истаб қолди. — «Мени ўсмирлар терма жамоасига ҳужумчи сифатида чақиришди. Мураббий қўполликларим қаерга ғойиб бўлганини сўраганида, мен улар энди йўқлигини, чунки ҳужумчига айланганимни айтдим. Ҳаётимда янги саҳифа очилганди ўшанда», — деб айтиб ўтди собиқ дарвозабон.
Шейн Фергюсон
Кичик қишлоқда туғилган йигит 13 ёшига қадар пул эвазига сигир боқиб юрган. — «Ирландча футбол ўйнаганим менга ёрдам берган. Жуссам кичик эди. Кескин машғулотлар эса йиқилмасдан тура олишни ўргатди», — деганди Фергюсон.
Майкл О’Нил
Футболчилик фаолиятини якунлаши билан молия билим даргоҳида таҳсил олган бош мураббий Шотландиянинг «Брихин Сити» клубида молиячи бўлиб ишларди. У бу касби футболдан кўра кўпроқ фойда келтиради деб ҳисоблаган. 2016 йилнинг 16 июнь кунида унинг шогирдлари Европа Чемпионатлари тарихига Шимолий Ирландиянинг биринчи ғалабасини ёзиб қўйди.
Изоҳ (0)