2015 йил октябрида Синайда ҳалокатга учраган, Россияга қарашли Airbus A321 йўловчи самолёти бортидаги портлашни Мисрнинг ИШИД билан боғлиқ «Ансор Байт ал-Мақдис» террорчи гуруҳи амалга оширган эди. Бу ҳақда АҚШ Марказий разведка бошқармаси раҳбари Жон Бреннан 16 июнь, пайшанба куни Сенатдаги чиқишида баёнот берди, деб хабар қилмоқда «РБК».
«Бизнинг фикримизча, ушбу гуруҳ Россия авиалайнерининг Синай осмонида уриб туширилишига алоқадордир», — деди Бреннан.
Синай ярим оролида фаолият юритувчи «Ансор Байт ал-Мақдис» гуруҳи 2014 йилнинг ноябрида ИШИДга садоқат изҳор қилган эди. Кейинчалик гуруҳ номини «Вилоят Синай» деб ўзгартирди. Илгарироқ Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу ушбу гуруҳнинг терактга алоқадорлигини айтиб ўтган эди.
Эслатиб ўтамиз, 2015 йилнинг 31 октябрь куни Мисрда Metrojet («Когалимавиа») авиакомпаниясининг Шарм-аш-Шайхдан Санкт-Петербургга учаётган Airbus A321 лайнери ҳалокатга учради. Самолёт бортида бўлган 224 кишининг барчаси ҳалок бўлди.
ИШИД экстремистик гуруҳи жаҳоннинг бир қатор мамлакатлари ва халқаро ташкилотлар томонидан «террорчилик ташкилоти» деб топилган.
Изоҳ (0)