АҚШда ташқи кўриниши билан интернет фойдаланувчилари юрагини забт этган «энг келишган жиноятчи» Жереми Микс моделга айланди, деб хабар бермоқда Metro.
Микс Миллий баскетбол ассоциацияси (МБА) вакили – «Голден Стейт Уорриорс» клубининг кепкасида тушган илк профессионал суратини Instagram’даги саҳифасига жойлади. Унинг илк профессионал фотосессиясидан олинган суратига қарийб 26 минг фойдаланувчи «лайк» босган. 32 ёшли америкаликнинг Instagram’даги саҳифасига эса 260 минг одам обуна бўлган.
Маълум қилинишича, Жереми Микс White Cross Management моделлик агентлиги билан шартнома тузди.
Собиқ маҳбус унинг фотоси Стоктон шаҳри полициясининг Facebook’даги саҳифасида эълон қилингач машҳур бўлиб кетди. Суратга 100 мингдан зиёд фойдаланувчи «лайк» босган.
Ўтган йили Микс ўқотар қуролни ноқонуний сақлагани учун 27 ойлик қамоқ жазосига ҳукм қилинганди. Аммо, яхши хулқи учун Жереми Калифорниядаги қамоқхонадан муддатидан олдин озод қилинган эди. Айнан ўшанда у моделлик бизнеси ва актёрлик билан шуғулланиш ниятида эканини билдирганди.
Изоҳ (0)