2016 йилнинг 12–13 июнь кунлари Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳрида енгил атлетика бўйича ўтказилган мамлакат Очиқ чемпионатида бир йўла тўрт нафар ўзбекистонлик спортчи Рио–2016 Олимпиада ўйинларининг йўлланмаси учун белгиланган меъёрни бажариб, тўрт йилликнинг энг йирик спорт байрамида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди, деб хабар бермоқда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати.
Навбатдаги йўлланмаларга Екатерина Тунгускова, Наталья Асанова, Иван Зайцев ва Юлия Тарасова сазовор бўлди.
Хусусан, фарғоналик Екатерина Тунгускова 10 000 метр масофага югуриш мусобақасида белгиланган меъёрни бажарган бўлса, Андижон вилояти вакили Наталья Асанова 400 метр масофага тўсиқлар оша югуришда 56,19 сония (меъёр 56,20 сония) натижа қайд этди.
Найза улоқтириш секторида иштирок этган сирдарёлик Иван Зайцев 83,03 метр натижа (меъёр 83 метр) кўрсатди. Тошкентлик Юлия Тарасова узунликка сакраш мусобақасида 6,72 метр (меъёр 6,70 метр) натижа қайд этди.
Қайд этиш жоиз, ўзбекистонлик енгил атлетикачилар томонидан Олимпиада ўйинларига 15 та йўлланма қўлга киритилди. 15 та Олимпиада йўлланмалари бўйича 14 нафар ўзбекистонлик спортчи Рио—2016 Олимпиадасида иштирок этади. Ситора Ҳамидова 42 195 метр ва 10 0000 метр масофаларга югуриш мусобақаларида қатнашиш учун йўлланма олган.
Изоҳ (0)