Европа футбол уюшмалари иттифоқи (УЕФА) Францияда бўлиб ўтадиган Европа чемпионати ўйинларининг 99 фоиз чиптасини сотиб бўлди. Бу ҳақда ташкилотнинг тадбирлар бўйича ижрочи директори Мартин Каллен турнир стартига бағишланган матбуот анжуманида маълум қилди, деб хабар бермоқда «ТАСС».
«99 фоиз чипта сотилди. 8 мингга яқин чипта чекланган ўйинлар учун қолди», – деди Каллен.
Мартин Каллен, шунингдек, стадионларнинг ўйинлар ўтказилишига тайёр эканини ҳамда хавфсизлик чоралари кўрилганини маълум қилди.
«Биз Лилль, Марсель ва Ниццадаги майдонни ўзгартирдик. Ҳозир улар яхши ҳолатда. Стадионлар атрофида турнир учун муҳим ҳисобланган хавфсизлик периметрлари ташкил этилган. Мухлислардан ўз вақтида келишларини сўраб қоламиз. Стадион ҳудудида кўнгил очиш учун шароитлар яратилган, катта экранларда параллел равишда кетаётган ўйинларни кўриш мумкин», – деди Каллен.
Эслатиб ўтамиз, Европа чемпионати эртага, 10 июнь куни старт олиб, 10 июлга қадар давом этади. Учрашувлар Париж, Сен-Дени, Лион, Марсель, Лилль, Бордо, Тулуза, Ницца, Сент-Этьен ва Ланс шаҳарларида бўлиб ўтади.
Изоҳ (0)