Европа футбол уюшмалари ассоциацияси (УЕФА) «Футбол байрами» номли дастурни бошлади. Бу ҳақда Евро–2016 турнирига бағишланган матбуот анжуманида маълум қилинди, деб хабар бермоқда «ТАСС».
Ушбу дастур футболни бирлаштирувчи куч ғоясига асосланган.
«Айнан шу дастур мени қизиқтириб қўйди», – деди машҳур дижей ва турнирнинг расмий мусиқий элчиси Дэвид Гетта. «Одамлар футбол майдонида ўйин бўлаётган вақтда ҳис қиладиган эҳтирос ўртасида кўп ўхшашликни кўряпман. Мен ҳам стадионларда концертлар бераман, дижей сифатида вазифам – барчани ирқий, жинсий ва миллий келиб чиқишидан қатъий назар, бирлаштириш. Футбол ўйинларида ҳам шунга ўхшаш эҳтирос ва ҳиссиётлар гувоҳи бўлапман».
Ҳакамлик масалалари бўйича УЕФА катта офицери Пьерлуижи Коллина учун бошланажак Европа чемпионати фаолиятида бешинчиси бўлади. «Бу жуда муҳим чемпионат ҳисобланади. Унинг атрофида ўзгача муҳит ҳукмронлик қилади: одамларнинг унга қўшилиш истаги, байрамдек ўтказиш, футбол билан деярли бир ой яшаш. Польша ва Украина (2012) ҳамда Австрия ва Швейцарияда (2008) бўлиб ўтган Европа чемпионатларида ҳам шундай муҳит бўлган. Францияда ҳам қувонч, байрам, одамларнинг ўзгача ҳиссиётларни бошдан ўтказиш истаги бўлади», – деди Коллина.
Эслатиб ўтамиз, Европа чемпионати 10 июндан 10 июлга қадар Франциянинг Париж, Сен-Дени, Лион, Марсель, Лилль, Бордо, Тулуза, Ницца, Сент-Этьен ва Ланс шаҳарларида бўлиб ўтади.
Изоҳ (0)