Спорт кийимларини ишлаб чиқарувчи АҚШнинг Nike компанияси допинг қабул қилганлиги учун Халқаро теннис федерацияси томонидан икки йилга теннисдан четлатилган россиялик Мария Шарапова билан ҳамкорлик қилишни давом эттиришини маълум қилди, деб The Wall Street Journal нашрига таянган ҳолда «РБК» хабар бермоқда.
«Халқаро теннис федерацияси трибунали Мариянинг антидопинг қоидаларини билмаган ҳолда бузганини қайд этди. Мария ўз нуқтаи назарини доимо аниқ ифодалаган, у ўз хатоси учун узр сўради ва дисквалификация бўйича қарорга апелляция беради. ITF қарорига асосан Марияни кортга қайтишига умид қиламиз ва у билан ҳамкорликни давом эттирамиз», – дейилади Nike хабарида.
Мария Шарапованинг икки йиллик дисквалификацияси 2016 йилнинг 26 январидан кучга кирган. Россиялик теннисчи Халқаро теннис федерациясининг қарорига рози бўлмади ва Спорт арбитраж суди (CAS)га қарор борасида апелляция беради.
Шарапова 11 йил давомида Forbes журналининг талқини бўйича дунёнинг энг кўп ҳақ тўланадиган аёл спортчиси номинини ҳеч кимга бой бермай келаётган эди. Допинг можаросидан сўнг, Мария америкалик теннисчи Серена Уильямсга пешқадамликни бериб қўйди ва иккинчи ўринга тушиб кетди.
Forbes’нинг баҳолашича, Шарапова ўтган йил давомида 21,9 миллион доллар ишлаб топди, шундан 20 миллион доллар реклама шартномаларидан, 1,9 доллар эса турли мусобақалардан тушди. Бундан бир йил аввал эса унинг даромади 29,7 миллион долларга тенг бўлган. Спортчи мельдоний қабул қилганини тан олганидан сўнг Nike, Cole Haan (оёқ кийим ва аксессуарлар), TAG Heuer (соатлар), Head (теннис анжомлари), Samsung (мобил телефонлар), Evian (ичимлик суви) ва Porsche (автомобиллар) компаниялари у билан ҳамкорликни тўхтатганди.
Изоҳ (0)