Испания прокуратураси бразилиялик футболчи Неймарга нисбатан унинг «Барселона» клубига ўтишида фирибгарлик бўйича суд иши очилишини талаб қилди. Бу ҳақда AFP’га таяниб, «ТАСС» хабар бермоқда.
Прокуратура Неймарнинг «Сантос»дан «Барселона»га ўтиш чоғида футболчи ва унинг отаси Бразилиянинг DIS инвестицион компаниясини атайин алдаганини тахмин қилмоқда. Маълум бўлишича, прокурор Неймарни жисмоний шахслар ўртасида коррупцияга алоқаси борлиги учун суд қилишни талаб қилган.
Аввалроқ Испания суди DIS инвестицион компаниясининг Неймар трансфери борасида алдангани ҳақидаги шикоятини рўйхатдан ўтказган эди. DIS’нинг маълум қилишича, Неймарнинг трансфери амалга оширилган вақтда компания футболчининг 40 фоиз ҳуқуқига эгалик қилган, аммо битим тузилганда 40 миллион евродан маҳрум бўлган. Компаниянинг қайд этишича, «Сантос», «Барселона» ва Неймар ўртасида фитна бўлган.
Қайд этиш жоиз, аввалроқ Барселона суди «Барселона» клубининг собиқ президенти Сандро Росель ҳамда жамоанинг амалдаги раҳбари Хосеп Мария Бартомеудан «Неймар иши» бўйича айбловларни олиб ташлаганди.
24 ёшли ҳужумчи 2013 йилда Бразилиянинг «Сантос» клубидан «Барселона» жамоасига келиб қўшилганди. Дастлаб, каталонияликлар собиқ президенти Сандро Росель Неймар учун 57,1 миллион евро тўланганини, кейинроқ эса клуб ва футболчи ўртасида қўшимча шартномалар бор эканини айтганди. Неймарнинг отаси эса ўғлининг трансфери 100 миллион евро атрофида бўлганини маълум қилган.
Изоҳ (0)