Футбол бўйича Абхазия терма жамоаси Мустақил футбол ассоциациялари конфедерацияси (ConIFA) байроғи остида бўлиб ўтаётган жаҳон чемпионати финалига чиқди. Абхазия термаси ярим финалда Шимолий Кипрни 2:0 ҳисобида мағлубиятга учратди, деб хабар бермоқда «ТАСС».
Бугун, 5 июнь куни мусобақа финалида Абхазия футболчилари Панжоб термасига қарши майдонга чиқади.
ConIFA жаҳон чемпионати 28 май куни Абхазияда старт олганди. Турнир мезбони бунга қадар Ғарбий Арманистон (1:0), Чагос ороллари (9:0) ва Лапландия (2:0) термаларини мағлубиятга учратган эди.
Маълумот учун, Мустақил футбол ассоциациялари конфедерацияси 2013 йилда ташкил топган бўлиб, унинг таркибига дунёнинг 5 қитъасидан жами 36 жамоа киритилган. Бу йилги жаҳон чемпионатида 12 та терма жамоа иштирок этмоқда.
Изоҳ (0)