АҚШ президентлик лавозими учун сайловларда Республикачилар партиясидан расман номзодлик қилинишини кафолатлаган миллиардер Дональд Трамп унинг демократ рақиби Ҳиллари Клинтоннинг 2 июнь, пайшанба кунги ташқи сиёсат масалалари бўйича нутқини «ноҳақлик» деб атади. Бу ҳақда «ТАСС» хабар бермоқда.
«Ёлғончи Ҳиллари экранда ўқиб берган кечаги нутқида мен гапирган ёки мен ишонадиган нарсаларни эслатиб ўтди. Бироқ улар фактларга асосланмаган. Бу ноинсофлик!» — деди Трамп Twitter’даги саҳифасида.
Клинтон Дональд Трампга ядровий кодларни ишониб бўлмаслиги ҳақида фикр билдирди. У Трамп мамлакатни урушга бошлаши мумкин деб ҳисоблайди. Клинтон уни АҚШнинг тарафдорлари ва дўстлари билан можароларни қидиришда айблади.
Эслатиб ўтамиз, Дональд Трамп делегатларнинг 1 239 овозини тўплаб, 18—21 июль кунлари Кливлендда бўлиб ўтадиган партия миллий съездида Республикачилар партиясидан АҚШ президентлик лавозими учун номзоди илгари сурилишини олдиндан кафолатлади.
Шу билан бир пайтда, Клинтон Демократик партиянинг Филадельфияда 25—28 июль кунлари бўлиб ўтадиган миллий съездида номзоди кўрсатилиши учун зарур бўлган 2 383 овозни ҳалигача тўплай олмаган. Ҳозирда у 2 312 та овоз тўплаган.
Изоҳ (0)