Бугун, 4 июнь куни ЖЧ—2018 турнири 3-саралаш баҳсига тайёргарлик кўриш мақсадида Австрияга жўнаб кетадиган Ўзбекистон миллий терма жамоаси 7 июнь куни Канадага қарши ўртоқлик ўйинида майдонга тушади. Мазкур учрашув олдидан Канада термаси Озарбайжон билан ўртоқлик ўйини ўтказиб, 1:1 ҳисобида дуранг қайд этди.
Ўйиннинг 43-дақиқасида канадаликлар ҳужумчиси Тешо Акинделе ҳисобни очган бўлса, 58-дақиқада Дмитрий Назаров мувозанатни тиклади. Учрашувда бошқа голлар киритилмади.Ўзбекистон футбол федерацияси матбуот хизматининг маълум қилишича, Канадага қарши ўйин олдидан Ўзбекистон миллий терма жамоаси таркибида ўзгаришлар юзага келди. Жумладан, Тошкентдаги ўқув-машғулот йиғинига таклиф қилинган «Локомотив» аъзоси Сардор Мирзаев сафарга чиқиш бўйича ҳужжатлардаги айрим камчиликлар туфайли Австрияга бора олмайдиган бўлди. «Бунёдкор» клуби ҳужумчиси Элдор Шомуродов виза олиш жараёни чўзилиши муносабати билан Австрияга кейинроқ учади. Шунингдек, «Пахтакор» ярим ҳимоячиси Азим Аҳмедов жароҳат олганлиги сабабли сафардан қолди ва унинг ўрнига «Пахтакор»нинг бошқа аъзоси Жамшид Искандеров таклиф этилди.
Қайд этиш керакки, хориж миллий чемпионатларида тўп суриб, мавсумни яқинда якунлаган Одил Аҳмедов («Краснодар», Россия), Виталий Денисов («Локомотив» Москва, Россия), Азиз Ҳайдаров («Аш-Шабаб», БАА), Сардор Рашидов («Ал-Жаиш», Қатар) каби футболчиларга кичик таътил берилганди. Анзур Исмоилов («Чанчун Ятаи», Хитой) эса жароҳатини даъволаш билан банд.
Эслатиб ўтамиз, 2 июнь куни аввал Қирғизистон, кейин Экваториал Гвинеяга қарши ўртоқлик учрашуви ўтказиши керак бўлган Ўзбекистон терма жамоаси якунда Олий Лига легионерлари термасига қарши баҳс юритди ва 2:2 ҳисобида дуранг ўйнади.
Ўртоқлик учрашуви
Канада – Озарбайжон 1:1 (1:0)
Голлар: Акинделе, 43 – Назаров, 58 (пенальти).Мавзуга оид:
Изоҳ (0)