Бугун, 3 июнь куни Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси ташаббуси билан анъанавий тарзда ўтказиб келинадиган «Олимпия куни» спорт тадбири ташкил этилди. Бу ҳақда қўмита матбуот хизмати «Дарё» нашрига маълум қилди.
Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси 25 йилдирки Халқаро олимпия қўмитаси ташаббусини қўллаб-қувватлаган ҳолда, Ўзбекистонда «Олимпия куни»ни кенг нишонлаб келяпти. Бу йилги «Олимпия куни» спорт тадбирида 1000 нафардан зиёд иштирокчилар, шу жумладан, 40 нафар журналист қатнашди.
Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси ҳудудида ўтказилган мусобақалар 21 та гуруҳда ўтказилиб, 5 ёш ва ундан катта бўлган иштирокчилар турли масофаларга (50 метрдан 1609 метргача) югуриш бўйича баҳс юритди.
Бундан ташқари «Олимпия куни» иштирокчилари спортнинг бокс, таэквондо (WTF), дзюдо, велоспорт, стол тенниси, енгил атлетика ва камондан отиш турлари бўйича ўз имкониятларини синовдан ўтказди.
«Олимпия куни»нинг барча иштирокчилари Халқаро Олимпия қўмитасининг махсус сертификатлари билан тақдирланди.
Изоҳ (0)