АҚШнинг Сент-Луис шаҳри (Миссури штати) прокуратураси қора танли ўсмирни қўлга олиш чоғида унга қарата ўқ узган икки оқ танли полициячига нисбатан айблов эълон қилишни рад этди. Бу ҳақда 2 июнь, пайшанба куни прокурор Женнифер Жойс маълум қилди, деб хабар бермоқда «ТАСС».
Ҳодиса ўтган йилнинг август ойида юз берган эди. Ўшанда номлари ошкор этилмаган тартиб қўриқчилари Сент-Луисдаги турар-жойлардан бирида тинтув ўтказиш учун келган эди. Шу вақтда бинода бўлган 18 ёшли Мансур Болл-Бей ва яна бир афроамерикалик орқа эшикдан қочишга уринган. Тартиб қўриқчиларининг сўзларига қараганда, уларнинг тўхташ ҳақидаги талабига жавобан Болл-Бей тўппонча билан таҳдид қилган. Натижада қонун ҳимоячиларининг ўт очиши оқибатида йигит ҳалок бўлган.
Ҳалок бўлган йигитнинг қариндошлари ўсмирнинг ёнида қурол бўлмаганлигини таъкидлаган. Бироқ Жойс уларнинг баёнотларини рад қилди.
Унинг сўзларига қараганда, воқеа жойидан Болл-Бейнинг бармоқ излари бўлган ўқланган тўппонча топилган. Шу муносабат билан суриштирув натижаларига асосланиб, прокурор полициячиларнинг ҳаракатларини ўз-ўзини ҳимоя қилиш доирасидан четга чиқилмаган деб топди.
Изоҳ (0)