Ўзбекистонлик теннисчи Темур Исмоилов Наманган шаҳрида давом этаётган, мукофот жамғармаси 25 минг доллардан иборат Namangan International халқаро теннис турнирининг ярим финалига чиқди.
Халқаро теннис федерацияси расмий сайтининг маълум қилишича, 21 ёшли ўзбекистонлик теннисчи чорак финалда россиялик Виталий Козюковга қарши баҳс олиб борди. Икки соат давом этган беллашувда 7:6, 6:2 ҳисоби қайд этилиб, Исмоилов фойдасига ҳал бўлди.
Ўзбекистон вакили бунга қадар ҳамюрти Павел Цойни 6:1, 6:4, қозоғистонлик Денис Евсеевни 1:6, 7:5, 6:0 ҳисобида мағлубиятга учратган эди. Мусобақанинг финал йўлланмаси учун Темур Исмоилов россиялик теннисчи Маркос Каловелонис билан куч синашади.
Аввалроқ ўзбекистонлик теннисчилардан Санжар Файзиев, Сергей Фомин, Шониғмат Шофайзиев, Аброр Исоқов, Амал Султонбеков, Саидаъло Саидкаримов Шоҳрух Абдумаликов, Бахт Сапаев ва Шаробиддин Абзалов яккалик баҳсларидаги иштирокини якунлаган эди.
«Sports.uz»нинг хабар қилишича, россиялик Алексей Филенков билан тандем ҳосил қилган Шониғмат Шофайзиев жуфтликлар баҳси чорак финалида ҳиндистонлик Шаҳбоз Хон ва россиялик Артур Шахнубарян дуэтини 7:5, 6:4 ҳисобида мағлубиятга учратиб, ярим финалга чиқди. Финал йўлланмаси учун башда Шофайзиев/Филенков тандеми қозоғистонлик Темур Хабибулин ва беларуслик Ярослав Шилага қарши кортга чиқади.
Изоҳ (0)