2014 йилда 33 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган футбол бўйича уч карра жаҳон чемпиони, бразилиялик афсонавий Пеленинг ўғли Эдиньо маҳаллий «Агуа Санта» жамоасининг янги бош мураббийи бўлди. Бу ҳақда клуб матбуот хизматига таяниб, «ТАСС» хабар бермоқда.
Эдиньо гиёҳвандлик бизнесига алоқадор ишларда пулларни легаллаштиришда айбдор деб топилиб, 33 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинганди. Кейинроқ у ушбу қарорга апелляция берди ва уни кўриб чиқиш даврида озодликда бўлиб турибди.
2006 йилда Эдиньо гиёҳванд моддалар сотувига алоқаси борлиги учун ярим йил қамоқда ўтирди, кейин эса адвокатлар унинг айбсиз эканини исботлади.
Пеленинг ўғли Бразилия чемпионатида дарвозабон амплуасида тўп тепган. У 1999 йилда, 29 ёшида футболчилик фаолиятини якунлаган эди. Ўшанда Эдиньо мотоциклчининг вафот этишига сабабчи бўлган автопойгаларда иштирок этгани учун 6 ойга қамалганди. Кейинчалик Эдиньонинг хатти-ҳаракатлари эҳтиётсизлик оқибатида амалга оширилди, деб топилган.
Маълумот учун, «Агуа Санта» ўтган мавсумда Сан-Паулу штати юқори дивизионини тарк этди.
Изоҳ (0)