Мичиган университети тадқиқотчилари эмлашнинг самарадорлигини Google’даги сўровлар воситасида исботлади. Мутахассисларнинг аниқлашича, ҳукумат болаларни сувчечакка қарши эмлаш бўйича чора-тадбирлар кўраётган давлатларда Google орқали ушбу хасталик ҳақида маълумотга сўров бериш ҳоллари анча камайиши кузатилмоқда. Тадқиқот натижалари Proceedings of the National Academy of Sciences нашрида берилди, деб ёзади «Корреспондент.net».
Олимларнинг фикрича, ушбу факт эмлаш натижасида болалар орасида хасталикка чалиниш ҳолатлари камайишидан далолат беради.
Тадқиқот доирасида университет ходимлари Google Trends дастури орқали олинган маълумотларни таҳлилдан ўтказди. Бу дастур одамлар муайян сўзлар иштирокида қанча сўров беришини ўрганишда ёрдам беради.
Олимлар 36 мамлакат бўйича 11 йиллик маълумотларни ўрганиб, Таиланд, Эстония ва Мексикада инфекция юзасидан энг кўп ахборот берилганини аниқлади. Бу мамлакатлардаги веб-сўровлар миқдори хасталикнинг тарқалиш даражасига мувофиқ келди.
Шу билан бирга, ҳукумат сувчечакка қарши курашиш чораларини кўраётган мамлакатларда сўровлар қисқариб кетиши маълум бўлди. Бунинг ёрқин мисоли сифатида тадқиқотда Германия тилга олинди.
Изоҳ (0)