Россиянинг Олтой Республикасида фототузоқлар объективига тушиб қолган биринчи тоғ барсларидан бири — урғочи илвирс Вита болалари билан браконьерлар сиртмоғига тушиб қолиб ҳалок бўлди. Бу ҳақда, Олтой қўриқхонаси ходими Сергей Сципинга асосланиб, «Интерфакс» хабар бермоқда.
«Биз мушукчалар кабаргага ўрнатилган сиртмоққа тушиб қолганини аниқладик. Урғочи уларни чиқариб олишга уринди, аммо стрессда бўлгани боис мушукчаларни еб қўйди. Шундан сўнг унинг ўзи ҳам сиртмоққа тушиб ҳалок бўлди», — деди Сципин матбуот анжуманида.
Илвирс оиласи илк бор суратга олинганида болалар олти ойлик бўлиб, шундан буён улардан дарак йўқ эди.
Сципин сиртмоқ ўрнатган браконьерлар ҳанузгача топилмаганини қайд қилиб ўтди.
Изоҳ (0)