Халқаро ўқ отиш федерацияси президентининг қарорига кўра, ўқ отиш бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Вадим Скороваров жорий йилнинг 5–21 август кунлари Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида ўтказиладиган XXXI ёзги Олимпиада ўйинларида қатнашиш ҳуқуқини берувчи йўлланмага эга бўлди. Бу ҳақда Халқаро ўқ отиш федерациясидан Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасига келган мактубда маълум қилинди, деб хабар беради қўмита матбуот хизмати.
Вадим Скороваров Кувайт ҳамда Ҳиндистонда бўлиб ўтган ҳамда Олимпиада ўйинларининг йўлланмалари ўйналган Осиё саралаш мусобақаларида муносиб иштирок этиб, ВП-6 (пневматик милтиқ) машқида юқори натижаларни қайд этган эди. Шу боис, Халқаро ўқ отиш федерацияси Вадим Скороваровга Олимпиада ўйинларида қатнашиш ҳуқуқини берувчи йўлланмани тақдим этишга қарор қилган.
Шундай қилиб, ўзбекистонлик спортчилар томонидан Олимпиада ўйинларига 11 та спорт федерациясининг 14 та спорт туридан жами 51 та йўлланма қўлга киритилди. 51 та Олимпиада йўлланмалари бўйича 54 нафар ўзбекистонлик спортчи Рио—2016 Олимпиадасида иштирок этади. Ситора Ҳамидова (енгил атлетика) ва Раънохон Аманова (сузиш) иккитадан йўлланмага эга. Байдарка ва каноэда эшкак эшиш ҳамда бадиий гимнастика спорт турларида ўзбекистонлик спортчилар жамоавий баҳсларда қатнашади.
Қайд этиш жоиз, Олимпиада ўйинлари бошлангунига қадар спортнинг бир қатор турлари бўйича яна бир нечта лицензион мусобақалар ўтказилади ва Рио–2016 Олимпиада ўйинларида иштирок этадиган ўзбекистонлик спортчиларнинг сони янада кенгайиши мумкин.
Изоҳ (0)