Москвада банк бўлимини гаровга олган эркак музокарачи ниқоби остида келган махсус хизмат гуруҳи ходими томонидан ўлдирилди. Бу ҳақда, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари маълумотига таяниб, «Интерфакс» хабар берди.
Тезкор жавоб қайтариш отряди аскари фуқаролик кийимида музокарачи кўринишида банкка кирган. Мулоқот давомида у хизмат қуролидан фойдаланиб, жиноятчини зарарсизлантирган.
Турар-жой биносида жойлашган банкни гаровга олган босқинчида портловчи қурилма бўлиши мумкинлиги ҳақидаги маълумот уни зудлик билан зарарсизлантириш ҳақидаги қарорни қабул қилишга сабаб бўлган.
Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари Москва шарқидаги банкка босқинчилик уюштирилганлиги ҳақида «Интерфакс» агентлигига 18 май, чоршанба куни маълум қилди. Маҳаллий вақт билан 20:40 (Тошкент вақти билан 22:40) атрофида Москва Кредит банки бўлимига кирган эркак унга пул беришларини талаб қилган. Банк ходимлари «тревога тугмаси»ни босишга улгурган. Шундан кейин эркак улар билан офисда қамалиб қолган.
Кейинроқ Москва ИИВ Бош бошқармаси банк залидан барча ходимлар озод қилинганлигини маълум қилди.
Изоҳ (0)