Ўзбекистоннинг биринчи ракеткаси Денис Истомин Швейцариянинг Женева шаҳрида давом этаётган, мукофот жамғармаси 556 195 еврони ташкил этувчи Banque Eric Sturdza Geneva Open турниридаги иштирокини ғалаба билан бошлади, деб хабар бермоқда «Оламспорт».
Ўзбекистонлик теннисчи 17 май, сешанба куни ўтказилган илк даврада саралаш баҳслари ғолибларидан бири германиялик Флориан Майерни 6:2, 6:3 ҳисобида мағлуб этди. Майер ўз вақтида дунёнинг кучли теннисчилар ўнлигига кирган эди. Айни пайтда Флориан дунё рейтингида 236, Истомин эса 64-ўринни эгаллаб турибди.
Денис Истомин иккинчи даврада Давид Феррерга қарши кортга чиқади. Испаниялик теннисчи турнирда иккинчи рақам остида таснифланган ва ўз иштирокини тўғридан-тўғри иккинчи даврадан бошлайди.
Маълумот учун, Женева турнири ғолиби 88 900 евро мукофот пули ҳамда 250 рейтинг очкосига эга бўлади. Финалчи 46 820 евро ҳамда 150 очкони ўз ҳисобига ёзиб қўяди. Биринчи даврада иштирок этган барча теннисчилар 5 045 евро мукофот пулига эга бўлади, лекин уларга очко берилмайди.
Изоҳ (0)