АҚШнинг Мэн штатида 17 май куни метеорит қулаши қайд этилди. Портландда тезлик режимига риоя этилишини назорат қилаётган полиция сержанти табиий ҳодисани тасвирга олди, деб хабар бермоқда «Hi-Tech.Mail.ru».
Метеорит тушиши кечки соатларда содир бўлгани боис видео, тасвир сифатининг пастлигига қарамай, жуда ёрқин чиққани эътироф этилмоқда. Астрономларнинг само жисми ёруғлигига таяниб тахмин қилишича, унинг ҳажми тостердан музлаткичгача катталикда бўлиши мумкин.
Минералогия музейи ходимларининг сўзларига кўра, осмон жисми штат шимоли-ғарбидаги ўрмонларга тушган. Кичик ҳажмли метеоритнинг аҳоли кам яшайдиган ҳудудга тушиши ҳеч кимнинг ҳаётига хавф туғдирмайди.
Музей раҳбарияти ўрганиш учун метеоритнинг бир қисмини етказадиган одамга мукофот эълон қилди. 1 килограммдан кам бўлмаган бўлак учун 20 минг доллар тўлаш ваъдаси берилди.
Изоҳ (0)