2016 йилнинг 13–15 май кунлари Тошкент шаҳрида болалар-ўсмирлар ихтисослаштирилган республика олимпия захираси спорт мактабида бадиий гимнастика бўйича ўтказилган Жаҳон кубоги босқичи ва Happy Caravan халқаро турнири ўз якунига етди, деб хабар бермоқда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати.
Анъанавий тарзда ўтказиладиган Жаҳон кубоги босқичида Ўзбекистон, АҚШ, Беларусь, Жанубий Корея, Испания, Исроил, Малайзия, Польша, Россия, Хитой, Эстония, Япония, Қозоғистон, Арманистон каби давлатлардан 100 нафардан ортиқ гимнастикачи ғолиблик учун баҳс олиб борди.
Мусобақаларда гимнастикачилар яккалик ва гуруҳ баҳсларида кўпкураш ва алоҳида гимнастика предметлари ёрдамида машқ бажариш бўйича ўз имкониятларини синовдан ўтказди.
Жаҳон кубоги босқичининг алоҳида гимнастика предметлари ёрдамида машқ бажариш бўйича шахсий баҳсларда Рио–2016 Олимпиада ўйинларига йўлланма олган Анастасия Сердюкова тўп ва тасмада машқ бажаришда иккита бронза медалини қўлга киритган бўлса, Елизавета Назаренкова булавада машқ бажариш бўйича учинчи ўринни эгаллади.
Шунингдек, анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган Happy Caravan халқаро турнирининг шахсий ҳисобдаги мусобақасида Ўзбекистон вакилаларидан Нуринисо Усмонованинг арғамчи, ҳалқа ва тўп билан бажарган машқлари учта бронза медалга лойиқ топилди. Яна бир ўзбекистонлик гимнастикачи Милана Тян булавада машқ бажаришда бронза медали билан тақдирланди.
Изоҳ (0)