Москва ҳакамлик суди 17 май куни АҚШнинг Apple корпорацияси Россия бўлинмаси — «Эппл Рус» МЖЧнинг Федерал божхона хизмати устидан шикоятини асоссиз деб топди. Бу ҳақда «РБК» хабар бермоқда.
Компания божхоначиларнинг Apple Watch соатлари божхона таснифини ўзгартириш бўйича учта қарорини ноқонуний деб тан олишни сўраган эди. Божхона хизмати Евросиё иқтисодий иттифоқи ташқи иқтисодий фаолият товар номенклатураси бўйича Apple Watch’ни оддий қўл соати деб топганди. Қўл соатларини олиб кириш бўйича бож 10 фоизга етади, маълумот узатиш ускуналари эса божга тортилмайди.
Федерал божхона хизмати инновацион ускунани оддий соат сифатида таснифлаганига сабаб унинг асосий компонентларидан бири вақт ҳисоблаш унсуридир, у эса соат механизми шаклида бўлиши шарт эмас, деб тушунтирди суд эшитувларида божхона хизмати вакили. Apple вакили, ўз навбатида, ускуна кўп функцияли эканлигини ва соат унинг асосий компоненти эмаслигини уқтирди.
Эшитувлар якунларига кўра суд божхона тарафининг далилларини асосли деб топди. Қарорнинг асл мотивлари суд актининг тўлиқ матни чоп этилганидан сўнг маълум бўлади.
Қарор бир ойдан сўнг кучга киради.
Изоҳ (0)