АҚШ ва Болгария ўртасида мудофаа соҳасидаги ҳамкорлик ҳақидаги келишув автоматик тарзда ўн йилга узайтирилди. Унга мувофиқ, Америка бўлинмалари Болгария ҳарбий базаларидан фойдаланиши мумкин. Бу ҳақда, Болгария мудофаа вазири ўринбосари Димитр Кюмюржиевнинг баёнотига таяниб, «ТАСС» хабар беради.
«Келишувнинг муддати 2016 йилнинг майида тугайди. Бу санадан бир йил олдин томонлар битимни ўзгартириш ҳақидаги режаларини маълум қилиш ҳуқуқига эга эди. Менга бу каби режаларнинг билдирилганлиги маълум эмас. Шунга мувофиқ, келишув янги ўн йилга амал қила бошлади», — деди Кюмюржиев.
Мудофаа соҳасидаги ҳамкорлик ҳақидаги келишувни 2006 йилнинг апрелида Софияда АҚШ давлат котиби Кондолиза Райс ва Болгария бош вазири ўринбосари, Ташқи ишлар вазири Ивайло Калфин имзолаган эди.
Изоҳ (0)