Adidas компанияси Лондоннинг «Челси» клубидан ҳомийлик шартномасини бекор қилгани учун 57 миллион доллар олади. Бу ҳақда «РБК» хабар бермоқда.
Томонлар ўзаро келишув орқали ушбу қарорга келди. Ҳамкорлик 2017 йилнинг 30 июнида ўз ниҳоясига етади.
Adidas 2006 йилдан «Челси»нинг ҳомийси бўлиб келмоқда. Шартномага кўра, компания клубга спорт кийимларини тақдим қилади. 2013 йилда Adidas ва «Челси» 2023 йилгача мўлжалланган шартномани қайта имзолаган эди.
Муддатидан аввал бекор қилинган шартнома «‘Челси’ клубига Adidas рақобатчиси билан янги битим тузишга имкон беради», дейилади компаниянинг пресс-релизида. Ўз навбатида, шартноманинг бекор қилиниши Adidas’нинг спорт жамоалари билан ҳамкорликни қисқартириш бўйича бизнес-режасини «амалга оширишда давом этишда» ёрдам беради.
Bloomberg’нинг маълум қилишича, «Челси»нинг товон тўловидан сўнг Adidas’нинг йиллик соф даромади 1 миллиард доллардан ошади. Аввалроқ компаниянинг даромади 958 миллиондан 971 миллион долларгача бўлиши тахмин қилинганди.
Лондоннинг «Челси» жамоаси россиялик миллиардер Роман Абрамовичга тегишли бўлиб, у 2003 йилда клубни 233 миллион долларга сотиб олганди. Forbes журналининг талқинига кўра, Лондон клубининг қиймати 1,661 миллиард долларга тенг бўлиб, энг қиммат футбол клублари орасида еттинчи ўринда бормоқда.
Изоҳ (0)