Россия ва Америка электрон почта фойдаланувчиларининг 272 миллион онлайн-аккаунти номлари ва пароллари ўғирланган. Бу ҳақда киберхавфсизлик масалалари бўйича эксперт, Hold Security компаниясининг асосчиси Алекс Холден Reuters агентлигига маълум қилди, деб хабар беради «ТАСС».
Унинг таъкидлашича, электрон почталарга кириш учун қўлланувчи кодларни ўз ичига олган маълумот Россия жиноий бозорида муомалада бўлган ва ундан жиноятчилар фойдаланган бўлиши мумкин.
Холденнинг сўзларига қараганда, унинг компанияси онлайн-форумлардан бирида 1,17 миллиард коддан иборат маълумотга эга эканлигини маълум қилган россиялик ёш хакер билан боғланган. У маълумотлар базасини атиги 50 рублга сотишга тайёр бўлган, бироқ мулоқот якунида хакерлар форумига у ҳақидаги ижобий фикрлар қолдириш эвазига маълумотларни текин тақдим этишга рози бўлган.
Холден ушбу маълумотлардан жиноятчилар фойдаланган бўлиши мумкинлигини таъкидламоқда.